8 ДЕКАБРЬ – ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН ҚОНУНЛАР ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Маълумки, икки палатали мамлакатимиз парламентида кундалик ҳаётимиз ва фаолиятимизни тартибга солувчи қонунлар ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. Олий Мажлисни шакллантириш қоидалари ҳамда ваколатлари эса давлатимиз Конституциясида белгилаб берилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонунга мувофиқ сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат бўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати эса ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) таркиб топади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — тўрт кишидан сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққиз нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.
Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси бўлиши мумкин. Депутатликка номзодларга қўйиладиган талаблар қонун билан белгиланади.
Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси бўлиши мумкин эмас.Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлолмайди.
Шу ўринда Бош қомусимиз ўтган йилнинг 30 апрелида ўтказилган референдумда янги таҳрирда қабул қилинганлигини, муҳим сиёсий жараёнда иштирок этган фуқароларимиздан қарийб 90 фоизи уни ёқлаб овоз берганлигини қайд этиш керак. Чунончи, Асосий қонунимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз ифодасини топган.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз дунёвий давлат, очиқ ва адолатли жамият қуриш, унда тенглик ва тенг ҳуқуқлилик принципларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролар, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини камситмаслик ғояларига асосланади. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 майда қабул қилган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланганидек, “янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади”. Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш лозим.
Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судининг раиси: Х.Авезов