Солиқларни тўлашни кечиктириш механизми такомиллаштирилади.
Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни янада яхшилаш, маҳаллий ва хорижий инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган масалалар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 2 ноябрь кунги “Маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан солиқларни тўлашни кечиктириш механизмларини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-5274-сонли қарори тасдиқланди.
Ушбу қарорга асосан 2022 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига (бундан давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар, ер қаъридан фойдаланувчилар ва акциз ости маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар мустасно) умумий майдони 1 000 квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритганда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган солиқларни тўлашни олти ой муддатга кечиктириш ҳуқуқи берилди.
Бунда, солиқларни тўлашни кечиктириш мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 3 ой муддат ичида давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилган ва унинг тўланишини таъминлаш (гаров) талаб этилмаган ҳолда амалга оширилади;
- солиқларни тўлашни кечиктиришнинг амал қилиш муддати хабарнома юборилган кундан бошлаб ҳисобланади ҳамда унинг тугаган санасидан бошлаб кечиктирилган солиқ суммаси ҳисобланган фоизлар билан бирга тенг улушларда бир йил давомида тўлаб берилади. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини беришдан фойдаланганлик учун фоизлар солиқлар кечиктирилган санадан бошлаб Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳисобланади;
- ер участкаси, бино ва иншоотлар солиқ тўловларини кечиктириш муддати давомида сотилган ёки ижарага берилган тақдирда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича кечиктириш муддати давомида ҳисобланган солиқ суммаси тўлиқ миқдорда ундирилади;
- солиқ қонунчилигини бузиш хавфи юқори бўлган солиқ тўловчилар гуруҳига киритилган тадбиркорлик субъектларига солиқларни тўлашни кечиктириш тақдим этилмайди.
Солиқлар
давлат бюджети даромадларининг асосий манбаи ва давлат иқтисодий сиёсати воситаларидан биридир. Солиқларни тўлашдаги бу каби механизмларни яратилиши фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторлар учун янада қулайликлар яратиш ва мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини бунданда ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлардан бири сифатида қараш мумкин.
Янгиариқ тумани адлия бўлими бошлиғи Сардорбек Қаландаров