Аҳолини рўйхатга олиш.
Аҳолини рўйхатга олиш: кўлами кенг ва муҳим аҳамиятга эга тадбир
БМТ дунё мамлакатларига фуқаролар билан юзага келадиган бир қатор ижтимоий муаммоларнинг ечими ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг демографик кўрсаткичлар билан мутаносиб равишда ўсиб боришини таъминлаш учун ҳар ўн йилда камида бир маротаба аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни тавсия этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 710-сонли “ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА 2023 ЙИЛДА АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА” ГИ Қарори қабул қилинди.
Аҳолини рўйхатга олиш - нафақат аҳолининг сонини аниқлаштириш, балки маълум бир даврда улар тўғрисидаги демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни тўплаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш ва тарқатиш билан боғлиқ амалиётни ўз ичига олади. Яна бир жиҳати, аҳолини рўйхатга олишнинг якунлари асосида республиканинг мукаммал кадастр харитаси яратилади.
Кўламининг кенглиги ва аҳамияти жиҳатидан муҳим бўлган ушбу тадбирга ҳозирданоқ ҳар томонлама пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Аввало, рўйхатга олиш ишларини ўз вақтида ва пухта ташкил этишга эришиш мақсадида жаҳон тажрибасини ўрганишга эътибор қаратилган. Бир қатор халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ нинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA), Жаҳон банки, АҚШ нинг халқаро ривожланиш агентлиги (USAID), БМТ нинг Болалар жамғармаси (UNISEF) ҳамда кўплаган хорижий давлатларнинг экспертлари томонидан зарур услубий тавсиялар бериш , ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилган.
Яна бир муҳим жиҳати, мамлакатимизнинг 4 та ҳудудида : Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида,Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида,Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ва Тошкент шаҳрининг Яшнабод туманларида синов тариқасида жорий йилдан бошланган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 2023 йилда ўтказиладиган рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Мазкур амалиёт услубий, техник ва ташкилий масалаларни қайта кўриб чиқиш имконини бергани боис, унда қанча кўп респондентлар (аҳоли) қатнашса, шунча кўп камчиликларни аниқлаш ва тузатишга шароит туғилади ва республика даражасида бўладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг сифатли ва самарали ўтказилиши таъминланади.
Хоразм вилояти статистика бошқармаси ахборот хизмати