Жиноят процессуал қонунчиликдаги муҳим ўзгаришлар: хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш
Жиноят процессуал қонунчиликдаги муҳим ўзгаришлар: хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштиришга ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида хорижий давлат судининг қарори тан олиниши ва ижрога қаратилишини, озодликдан маҳрум этилган шахсларни ҳамда ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ҳамда бериш асосларини, шунингдек суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақомини тартибга солувчи нормаларни назарда тутувчи қоидаларни белгилаш зарурияти юзага келмоқда.
Шу сабабли 04.12.2024 йилда “Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги 1009-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси хорижий давлат судининг қарори тан олиниши ва ижрога қаратилишини, озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олишни ҳамда хорижий давлатга беришни назарда тутувчи янги 66-боб билан тўлдирилди. Шунингдек озодликдан маҳрум этилган шахсларни ва ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ҳамда бериш асослари, суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақоми белгиланди.
Ушбу Қонун хориждаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини кучайтиришга, миллий қонунчиликда озодликдан маҳрум этилган шахсларни ҳамда ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ва бериш тартибининг норматив-ҳуқуқий асосини шакллантиришга ҳамда уларга белгиланган жазони ўз давлатида ўташ имкониятини бериш орқали ижтимоий реабилитация қилинишини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Мазкур қонун билан Жиноят процессуал кодекси 66-боб билан яъни, «66-боб. Хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олиш ва хорижий давлатга бериш”-боби билан тўлдирилган. Шунингдек, мазкур боб 610-623-моддаларни ўз ичига олади.
Янгиариқ тумани прокурорининг катта ёрдамчиси, 3-даражали юрист С.И.Матёқубов