Хоразм вилояти фермерлари Кенгаши Раёсати аъзоларининг фермерларга, кластерлар ва қишлоқ хўжалиги ходимларига МУРОЖААТИ
Хоразм вилояти фермерлари Кенгаши Раёсати аъзоларининг фермерларга, кластерлар ва қишлоқ хўжалиги ходимларига
МУРОЖААТИ
Ҳурматли фермерлар, миришкор деҳқонлар!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1-2 май кунлари вилоятимизда бўлиб, ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишди. Хоразм вилоятини ижтимоий - иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар, янги истиқболли режалар белгиланди. Унга кўра жорий йилда вилоятимизда 60 миллион долларлик 56 та лойиҳани ишга тушириш, 3 минг 400 гектар ерларни қайта фойдаланишга киритиш, 31 километр катта канал ва 1 минг 600 километр ички ариқни бетонлаштириш, 1 минг 200 гектар саноатлашган мевали боғларни ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, экин экишда сувни иқтисод қилиш бўйича Хоразм ўз тажрибасини яратгани эътироф этилди. Бунда фермер ва деҳқонлар томонидан 93 минг гектар ер майдонини лазерли текислаш йўлга қўйилгани, 196 минг гектар ерга эса сув тежовчи технологиялар ўрнатилганлиги натижасида йилига 1 миллиард куб метр сув иқтисод қилингани таъкидланди.
Эндиликда, Австриянинг “Бауэр” компанияси билан вилоятимизда 7,5 минг гектарда ёмғирлаб суғоришни жорий қилиш режа қилинди. Бунда фермер хўжаликларига ана шундай замонавий техникалар тайёр ҳолда ўрнатилиб, лизинг асосида сўмда, йиллик 2,5 фоиз ставкада 10 йил муддатга берилади.
Хоразмлик фермерлар таннархни тушириш учун изланиб, тракторларга замонавий “автопилот” ўрнатишди. Бунинг натижасида чигит ерга тўлиқ аниқликда экилади. Сифат янада ошади. Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит берилиши қайд этилди.
Маълумки, Хоразмда экин майдонларига сув чиқариш осон эмас.Республикадаги насосларнинг 21 фоизи Хоразм вилоятида жойлашган. Ушбу насосларни ишлатиш анча электр энергияси, муайян сарф-харажатларни талаб қилади. Хонқалик “Тўтижон Бекметова” фермер хўжалиги раҳбари Камоладдин Юсупов насосни электр билан таъминлаш учун ўтган йили 200 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, йилига 120 миллион сўм электр харажатини иқтисод қилди, қўшимча 53 миллион сўмлик электрни тармоқ орқали сотди.
Вилоятдаги мавжуд 2 минг 138 та насосни шу тизимга ўтказиб, Хоразм тажрибасини яратишга ва ундан кенг фойдаланишга барчангизни чорлаймиз.
Президентимиз томонидан қайд этилганидек, ёзи жазирама иссиқ, қиши қаҳратон совуқ, ерлари кучли шўрланган Хоразмда нафақат меҳнат қилиш, балки боғ яратиш, мўл ҳосил ундириш – бу, очиқ айтиш керак, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Шунинг учун хоразмлик деҳқонларни бир эмас, икки марта қаҳрамон, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди, дея эътироф қилдилар.
Хоразмлик деҳқонлар меҳнатини қадрлаб, Хонқа туманидаги “Собиржон Юсуф” оилавий фермер хўжалиги раҳбари Ойимжон Отажановага Президентимиз фармонига биноан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими" фахрий унвони берилди. Бу вилоятимиздаги барча фермер ва деҳқонларга янги куч-ғайрат бағишлаб, янада шижоат билан ишлашга ундайди.
Муҳтарам Президентимизнинг эътиборидан руҳланган фермер ва деҳқонларимиз инновацион технологияларга асосланган ҳолда янада самарали меҳнат қилиб, пахтадан 45-50 центнердан, ғалладан эса 80-100 центнердан ҳосил олиш орқали даромадларини ошириш, шу билан бирга вилоятимиз аҳолисини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашни мақсад қилишган.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар!
Айни кунларда ғалладан юқори ҳосил кутилмоқда. Ҳосилга ҳосил қўшиб, юқори марраларга эришиш учун қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган долзарб ишларни амалга оширишимиз зарур:
- ғалла ҳосили пишиши арафасида дала майдонларини сув бостирмасдан пешма-пеш шарбат усулида суғориш ишларини амалга оширишимиз керак;
- ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда ўрим комбайнларини мавсумга тайёргарлигини яна бир бор кўриб чиқиш зарур.
Вилоятимизда пахта экиш мавсуми муваффақиятли якунланди. Далаларда ғўзадан тўлиқ ниҳол ундириб олинди. Энг муҳими сувнинг олдинги йилларга нисбатан кўпайиши бу йилги ҳосилнинг мўл бўлиши гаровидир. Юқори хирмон яратиш учун бугун қуйидаги агротехник тадбирларни кечиртирмасдан амалга ошириш талаб этилади:
- туманларда ҳар бир фермер кесимида агротехник тадбирларни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, шу асосда ишларни аниқ ташкил қилиш лозим;
- ғўза униб чиққан майдонларда гектарига 200 кг карбамид ва 100 кг калийли минерал ўғити билан культивация қилиш зарур;
-ғўза майдонларидаги мавжуд бегона ўтларни тез фурсатда тозалаб, бегона ўтдан тозаланмаган ғўза майдонларига минерал ўғит бермаслик бўйича фермер хўжалик раҳбарларини қатъий огоҳлантириш лозим;
-сувчиларга тўлиқ шароит яратиб берган ҳолда, ғўзани суғоришда сувнинг исрофгарчилигига йўл қўймасдан, 1- ва 2- суғориш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш чорасини кўриш зарур;
- ривожланишдан орқада қолаётган ғўза майдонларини қўшимча озиқлантириб, шу қатори қўшимча культивация, чуқур юмшатиш, суспензия сепиш ишларини ҳамда суғоришни фақат шарбат ва фекал билан ўтказиш керак;
- туман ишчи гуруҳлари мавжуд муаммоларни даланинг ўзида ҳал қилиб, йўл қўйилган камчиликлар бўйича зудлик билан қўшимча агротехник тадбирлар белгилаб, хар бир далага назорат учун масъулларни бириктириши лозим;
-биринчи навбатда агротехник тадбирларни экини суст ривожланган майдонларда бошланишига алоҳида эътибор қаратиш керак;
- ОВХ пуркагичлари ёрдамида барча фермер хўжаликлари суспензия учун ишчи эритмани асосан эрталабки ва кечки салқин пайтларда сепишни, энг асосийси ғўзанинг ўсиш ва ривожланишини ростлаб бориш мақсадида замонавий “ПИКС” препарати билан ишлашни ташкил қилиши лозим;
- ғўзанинг турли касалликлари, ҳашаротларга қарши курашиш учун биолабораторияларни тўла қувват билан ишлатиш лозим. Асосан, биомаҳсулотларни далага эрталаб соат 5:00 дан 9:00 гача, кеч соат 16:00 дан 20:00 гача белгиланган тартибда чиқариш керак. Ҳар бир гектар ғўза майдонига 2 тадан феромон тутқич ва 10 та суюқлик солинган идишларни ўрнатиш ҳамда ҳар 3 кунда суюқлик, клей ва капсулаларни янгилаб туриш шарт (албатта мутахассис тавсияси асосида).
Ҳурматли кластер корхоналари раҳбарлари!
Сизларнинг эътирофга арзигулик даражадаги бизнес режаларингиз асосида, бир неча йиллар фақат хом-ашё сифатида сотилган пахта толаси, бугунги кунда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот бўлиб миллий иқтисодиётимиз ўсишига ва экспорт салоҳиятимиз мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Қолаверса, Сизларнинг режаларингизнинг муҳим омили етиштирилган ҳосилнинг ўз вақтида, сифатли йиғиб олинишга боғлиқдир.
Шунинг учун барча тадбирларни ўз муддатида сифатли бажариб, пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш учун қўшимча минерал ўғит ва бошқа ресурсларни ғамлаш ҳамда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик кўриб, фермерлар етиштирган ғаллани сифатли сақлаш учун шарт-шароитлар яратиш энг муҳим долзарб вазифалардандир.
Ҳурматли фермерлар ва деҳқонлар!
Ушбу йилда ҳам қишлоқ хўжалиги тармоқларида юқори ҳосил етиштириш учун ҳозирданоқ пухта замин яратилиши керак. Юқорида қайд этганимиздек, ғўза далаларида агротехника тадбирларини қисқа муддатларда, сифатли қилиб якунлаш чораларини кўриш шу куннинг муҳим вазифасидир.
Дастурхонларимиз янада тўкин, сархил мевалар, сабзавот маҳсулотлари билан янада файзли, баракали бўлиши, албатта, Сизларнинг фидойи меҳнатларингизга боғлиқдир. Ишонамизки, Сизлар бундан кейин ҳам ўзларингизнинг кўп йиллик тажрибаларингиз ва илм-фан ютуқларига таяниб, зиммангиздаги ўта масъулиятли вазифаларни шараф билан адо этасизлар!
Хоразм вилояти фермерлари Кенгаши Раёсати