ПАХТАДАН ЮҚОРИ ДАРОМАД ОЛИНГ – ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ЯРАТИБ БЕРГАН ИМТИЁЗЛАРДАН ФОЙДАЛАНИНГ.
ПАХТАДАН ЮҚОРИ ДАРОМАД ОЛИНГ – ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ЯРАТИБ БЕРГАН ИМТИЁЗЛАРДАН ФОЙДАЛАНИНГ.
Қадрли ватандошлар!
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа фидойилари ходимлари!
Бугунги мураккаб глобал иқтисодий шароитда, озиқ-овқат хавфсизлиги дунё миқёсида долзарб масалага айланиб бораётган бир пайтда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд ресурслар ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини икки баробарга кўпайтириш, юқори ҳосил олиш, аграр соҳада янги иш ўринларини яратиш муҳим вазифалардан бири эканлигини барчамиз ҳис этиб турибмиз.
Шундай мураккаб паллада биз деҳқону-фермерлар ҳамда кластер корхоналари томонидан ҳар қачонгидан кўпроқ масъулият билан тер тўкиб ишлашни давр тақозо этмоқда.
Айни пайтда, юртбошимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар орқали сиз — фермер ва қишлоқ хўжалиги субъектлари учун катта имконият ва имтиёзлар яратилди. Хусусан: 2025 йилнинг ўтган 3 ойи давомида қатор имтиёзлар ва ваколатлар берилди.
Биринчидан, Солиқ юки енгиллаштирилди: 2025 йил 19 мартдаги ПФ-50-сон Фармонга мувофиқ, фермер хўжаликларининг солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланган пенялар ҳисобдан чиқарилди, ижро ишлари тўхтатилди;
иккинчидан, Юқори ҳосил учун рағбат шакллантирилди: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги ПҚ-131-сон Қарорга биноан, пахтадан 50 ц/га, ғалладан 80 ц/гадан юқори ҳосил олган фермерларга бир қатор имтиёзлар жорий этилди:
- ижарага олинган ерларнинг 25% қисмига алмашлаб экиш ҳуқуқи (чорва озуқаси, сабзавот, мойли экинлар);
- фермерлар кенгаши аъзолик бадали 0,6 фоиз ўрнига 0,3% этиб белгиланди;
- ер солиғида базавий ставкага нисбатан мутаносиб равишда 3 каррагача камайтирувчи коэффициентлар қўллашга рухсат берилди..
учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-136-сон қарори билан ер майдони 5 гектардан кам бўлмаган хўжаликларга ўзларига қарашли ерларнинг дала четларида ички хўжалик ер тузиш лойиҳасига мувофиқ, жами ер майдонинг 1 %га, лекин 20 сотихдан кўп бўлмаган ерга музлаткичли омборхоналар, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сув тежовчи технологиялар ва сув сақлаш объектларини қуришга рухсат берилди.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар!
Келинг, юртимиз тараққиёти учун биргаликда ҳаракат қилайлик! “Долзарб бир ойлик” давомида агротехник тадбирларни сидқидилдан амалга ошириб, юқори ҳосил ва юқори даромадга эришайлик. Шу орқали халқимизнинг дастурхонини тўкин, юртимизни фаровон қилайлик!
Президентимиз олиб бораётган ислоҳотларда “фермер” номи билан иштирок этар экансиз, ўз касбингизга садоқат билан ёндошиб, деҳқончиликдан у қайси йўналишда бўлмасин юқори ҳосил олиб, яхши даромад қилиб, бозорларимиз, дастурхонларимизнинг тўкин бўлишига, қишлоқ хўжалиги саноатининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ҳолда, мамлакатимизнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида, халқимиз ҳаёти тинч ва фаровон бўлишида фаол қатнашиш ҳар биримизнинг фермерлик бурчимиз ҳамда вазифамиз эканлигини эсимиздан чиқармаслик зарур.
Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир.
Халқимиз Сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи
ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор
ва агрономлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди.
Аслида, бунинг замирида, шу муқаддас заминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди, деб билгувчи инсон ўз давлати, халқи олдидаги, уни умидлар билан тарбиялаган, вояга етказган жамият олдидаги бурчини адо этиш ҳисси ётибди.
Миришкор ва фидоий фермерлар!
Бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан, барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан чигитни ҳам ўз вақтида ерга қадаш биз фермер ва деҳқонларнинг асосий вазифасидир.
Апрель ойида бажариладиган агротехник тадбирларнинг аҳамияти пахта ҳосилдорлигини оширишда ниҳоятда муҳим. Негаки, ҳосилнинг эртаки, сифатли ва мўл бўлиши айни шу ойдаги меҳнат натижаси билан ўлчанади. Бободеҳқонлар таъбири билан айтганда, “Эрта эккан – эрта ўради”, шунинг учун чигитни ўз вақтида ерга қаданг.
Юқоридагидан келиб чиқиб, пахтадан юқори ҳосил олиш учун апрел-май ойларида, яъни “Долзарб бир ойлик”да биз фермерлар томонидан чигитни ўз вақтида ерга қадаб, агротехник тадбирларни амалга ошириш зарурлиги ҳамда эрта экиб қўшимча даромад олишингизни юракдан ҳис этиб, қуйидаги тадбирларга ҳар қачонгидан ҳам зиёда масъулият билан ёндошишингиз сўралади:
биринчидан, барча фермерлар узоғи билан 2-3 кунда тўлиқ чигитни экишни якунланг;
иккинчидан, 15-20 апрель кунларида ғўза майдонларида 150-200 кг азотли, 50 кг калий, 200 кг фосфорли (экиш билан берилмаган бўлса) ўғитлар билан
1-культивация ишларини сифатли ўтказинг;
учинчидан, 3 кун муддатда дала четларига сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ёки маккажўхори уруғи ва кўчатларини экишни якунланг, хусусан, Хитой навлари экилган майдон атрофига маккажўҳори ёки кунгабоқар экишни алоҳида ташкил этинг;
тўртинчидан, 20-25 апрелгача ғўза қатор орасини чуқур (60 см кенгликда экилган далада 25-30 см, қолган майдонларда 35-40 см чуқурликда) чизел қилинг;
бешинчидан, ғўза ниҳоллари тўлиқ униб чиққан майдонларда тупроқ механик таркиби енгил майдонлар (қум ерлар) да 200-220 минг туп/га, механик таркиби ўрта (воплон) ерларда 140-160 минг туп/га, механик таркиби оғир (суға) ерларда
120-130 минг туп/га, Хитой техналогиясида қолдиришингизни, ягоналашни ғўза
1-2 чинбарг чиқаргунга қадар якунланг;
олтинчидан, ғўза 2-3 чинбарг чиқарганда органик биопрепаратлар, кимёвий моддалар (гумин, гумимах, НВК, ифо, ПЗН, Биодукс ва хоказо) биологик стимуляторлар билан қўшимча ишлов беринг, ғўзанинг эрта пишиб етилиши ҳамда пахтадан 50 центнер ҳосил олишга эришинг;
еттинчидан, пахта даласига зараркунандалар кириб келмаслиги учун дала четларига олтинкўз биомаҳсулотларини 1000 дона/га меъёрида тарқатиш, бегона ўтлардан тозалаш, олтингугурт ва ИСО қайнатмалар билан ишлов беришни
3-5 кунда якунланг;
саккизинчидан, ғаллангизни баҳорги озиқлантиришни 5 кунда якунлаб – 200 кг/га аммиакли селитра сепишни унутманг;
тўққизинчидан, 10 кунда камида 3 марта баргидан озиқлантиринг (суспензия сепиш) ҳамда 1 м2 майдонга 2-3 дона хасва имогаси аниқланган майдонларни дала четига қаратиб кимёвий ишлов беринг;
ўнинчидан, ғалла комбайнини, ташиш техникаларини мавсумга тайёрланг;
ўн биринчидан, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари пахтачилик ва ғаллачилик кластер корхоналари билан ҳамкорликда ишларни янада жадаллаштириб, юқоридаги тадбирларни амалга ошириб, бу йил пахта ҳосилини 50 центнер ҳамда ғалладан 80 центнер ҳосил олиб, юқори даромад олишга эришинг ҳамда Президентимиз қароридаги белгиланган имтиёзлардан фойдаланг.
Ҳурматли кластер корхоналари раҳбарлари!
Сизларнинг эътирофга арзигулик даражадаги бизнес режаларингиз асосида, бир неча йиллар фақат хом-ашё сифатида сотилган толаларимиз, бугунги кунда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот бўлиб миллий иқтисодиётимиз ўсишига ва экспорт салоҳиятимиз мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Қолаверса, Сизларнинг режаларингизнинг муҳим омили етиштирилган ҳосилнинг ўз вақтида, сифатли йиғиб олинишга боғлиқдир.
Шунинг учун қуйидаги тадбирларни оғишмай амалга оширинг:
биринчидан, чигит экишни 2-3 кун муддатда якунлаш учун фермерларга керакли техника ва моддий ресурсларни ўз вақтида етказилишида кўмаклашинг;
иккинчидан, пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш учун қўшимча минерал ўғит ва бошқа ресурсларни ғамланг;
учинчидан, ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик кўриб, фермерлар етиштирган ғаллани сифатли сақлаш учун шарт шароитлар яратинг.
Ҳурматли фермер ва деҳқонлар!
Барчангизни мавжуд имкониятларни ишга солиб, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда сифатли экиш ва юқори даромад олишга чақирамиз.
Қишлоқ хўжалиги экинларини экишни шундай кўтаринкилик билан ташкил қилайликки, токи ҳар бир Ўзбекистонликман, деган инсон ўзини деҳқондек ҳис этсин.
Бободеҳқон елкасидаги юкни кўтаришга камарбаста бўлиш, эл-юрт ташвишига шериклик қилиш, деҳқоннинг зафарларидан фахрланиш учун курашиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!
Барчангизни мазкур эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтиришга, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ҳамда Долзарб бир ой мобайнида қишлоқ хўжалиги экинларини ўз муддатларида экишга ҳамда юқори ҳосил олишга даъват этамиз!
| Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсат аъзолари |