Янгиариқ тумани ҳокимининг қарори
2020 йил 30 сентябрь № 1437қ-сонли Янгиариқ шаҳарчаси
2021 йилда Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни 17-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини энг кам сонини белгилаш мақсадида
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Янгиариқ туманида 2021 йил учун ижтимоий муҳофазага мухтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини энг кам сонини белгилаш бўйича корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда ходимларнинг, рўйхат бўйича ўртача сонидан келиб чиққан ҳолда 72 кишини ташкил этадиган 100 фоиз миқдорида, шу жумладан:
ўн тўрт ёшгача болалари бўлган ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун 2.7 фоиз (2 киши);
умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун 77.8 фоиз (56 киши);
сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 5.5 фоиз (4 киши);
ногиронлар учун 4.2 фоиз (3 киши);
пенсия олди ёшидаги шахслар учун 4.2 фоиз (3 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар учун 2.8 фоиз (2 киши);
одам савдоси қурбонлари учун 1.4 фоиз (1 киши);
атрофдагилар учун хавф туғдирмайдиган ижтимоий аҳамиятли касалликлардан азоб чекувчи шахслар учун 1.4 (1 киши).
3. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришини таъминлайдиган санитария ва гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши таъминлансин, шу жумладан:
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп болали ота-оналар учун болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлигининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда) берадиган иш ўринлари;
аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида иш қидирувчи сифатида рўйхатда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун махсус малака талаб қилинмайдиган иш ўринлари;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар қўлланилган шахслар учун уларнинг касб бўйича тайёргарлиги ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари муайян
касб-ҳунарга ва малакага эга бўлмаган шахслар учун эса махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари ташкил қилинсин.
4. Ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласинлар.
5. Ушбу қарорнинг иккинчи иловасида кўрсатилган корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилинган касб ва лавозимлар ташкил қилинсин.
6. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш бўйича мазкур қарор ижросини бажармаган корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг мансабдор шахсларига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра маъмурий жавобгарлик белгиланади.
7. Янгиариқ туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази беш кун муддатда ушбу қарорни 1-иловасида кўрсатилган корхона ташкилот ва муассасалар раҳбарлари эътиборига етказсин.
8. Ушбу қарор 2021 йил 1 январдан кучга кириши муносабати билан туман ҳокимининг 2019 йил 30 сентябрдаги 6725қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси (Д.Атажанов) мазкур қарорни туман ҳокимлигининг yangiarikhokimiyat.uz расмий веб-сайтига жойлаштирсин.
10. Ушбу қарор туман ҳокимлигининг расмий нашри ҳисобланган “Янгиариқ овози” газетасида эълон қилинсин.
11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Х.Усмонов) ва туман ахоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори (А.Бекчанов) зиммасига юклатилсин.
Янгиариқ тумани ҳокими М.Худайберганов