Автомобилларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
15.02.2021 йил №198-қ-сонли Янгиариқ шаҳарчаси
Тумандаги транспорт воситаларини мажбурий техник
кўрикдан ўтказиш тўғрисида
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирининг 2018 йил 11 январдаги “Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва қатъий хисобдаги бланкларни беришда, автомототранспорт воситалари, уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни рўйхатдан ўтказишда, қайта рўйхатдан ўтказишда, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, шунингдек имтихонларни олишда ундириладиган тўловлар ставкаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 8 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2303-2) буйруғига асосан, тумандаги транспорт воситаларининг 2021 йилда мажбурий техник кўригини ташкил қилиш мақсадида,
Қ А Р О Р Қ И Л А М А Н :
1. Мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик шахсларнинг транспорт воситалари қуйидаги даврийлик ва муддатларда:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта (1 мартдан
30 июнгача ва 1 сентябрдан 31 октябргача);
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
д) навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъи назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;
е) улар ишлаб чиқарилган йилдан қатъи назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган (қайта рўйхатдан ўтказилган) кундан бошлаб бир йил ўтгач (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно) мажбурий техник кўрикдан ўтказилади.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўрикдан ўтказиш муддати 1 март — 30 июнь (а-кичик бандида кўрсатилган транспорт воситалари бундан мустасно) қилиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туманда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун тузилган комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ, юридик шахсларга қарашли транспорт воситаларининг 2021 йилги мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3.Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирининг 2018 йил 11 январдаги “Рўйхатдан ўтказиш Давлат рақами белгиларини ва қатъий хисобдаги бланкларни беришда, автомототранспорт воситалари, уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни рўйхатдан ўтказишда, қайта рўйхатдан ўтказишда, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, шунингдек имтихонларни олишда ундириладиган тўловлар ставкаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги буйруғи талабларига асосан:
а)Юридик шахсларга тегишли юк ва махсус автотранспорт воситалари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 фоизи миқдорида,
-автобуслар (микроавтобуслар) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида,
-енгил автотранспорт воситалари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида;
-мототранспорт воситалари ва тиркамалар (ярим тиркамалар) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида
Биринчи (олдинги) техник кўрикда носоз деб топилган транспорт воситалари такрорий техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорларда йиғим ундирилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4.Транспорт воситаларини техник кўрикга жалб қилишда ЙҲХГга, туман мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, туман Ички ишлар бўлими ходимлари жамоатчилик асосида амалий ёрдам кўрсатилиши тавсия қилинсин.
5. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2020 йил 15 февралдаги 242қ-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6.Ушбу қарор матни “Янгиариқ овози” газетасида (Ж.Юсупов) чоп этилсин, туман ҳокимлигининг yangiarikhokimiyat.uz расмий веб-сайтига (С.Машарипов) жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
9.Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари А.Эламонов зиммасига юклатилсин.
Янгиариқ тумани ҳокими в.б А.К.Давлетов