DataLife Engine / Шавкат Мирзиёев: Бу маданиятни бобо-момоларимиз қалб қўри билан яратган

Шавкат Мирзиёев: Бу маданиятни бобо-момоларимиз қалб қўри билан яратган



     Президент Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳридаги “Олтин ипак карвонсаройи” туристик марказини бориб кўрди.
Бу ерга келган киши қадим ўзбек хонадонларидаги муҳитни ҳис этади. Мажмуанинг биринчи қаватида гиламдўзлик, каштачилик, мисгарлик каби халқ ҳунармандчилиги хоналари жойлашган. Уларда сайёҳлар миллий маҳсулотларимизнинг тайёрланиш жараёнини яқиндан кўриши, харид қилиши мумкин.
Иккинчи қаватда жами 30 ўринли қадимий услубдаги карвонсарой ташкил этилган. Истиқболда мажмуа бир йилда 10 мингдан ортиқ сайёҳларга хизмат кўрсатиши мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари миллий ўзлигимизга ва ёшлар тарбиясига эътибори учун ҳунармандларга миннатдорлик билдирди.
- Ҳозирги юксак технологиялар асрида мана шундай оддий, самимий жойларни одам соғинади, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бу ҳунарларни, бу маданиятни бобо-момоларимиз фақат қўли билан эмас, қалб қўри билан яратган. Бир пайтлар бу йўналишлар йўқолиб кетишига оз қолганди. Уларни асраб-авайлаётганингиз учун раҳмат. Бу маданиятимизни нафақат чет элликларга тарғиб қилиш, балки фарзандларимизга ҳам сингдириш керак.
Президент усталарнинг миллий ҳунарларни мактабларда ўргатиш таклифини қўллаб-қувватлади. Мутасаддиларга туризм салоҳиятини ошириш, уни тарғиб этишда кинодан оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Ўтган йили Марғилон шаҳрига «Жаҳон ипак ва икат ҳунармандлари шаҳри» мақоми берилган эди. Бундай мақомга Бухоро зардўзлик, Қўқон ёғоч ўймакорлиги бўйича сазовор бўлган.


2-02-2023, 18:47
Вернуться назад